Бугун 15 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Сурхондарёда двигатель поршенлари ичига гиёҳвандлик моддаларини яшириб олиб кирмоқчи бўлган афғонистонлик ушланди

Сурхондарёда двигатель поршенлари ичига гиёҳвандлик моддаларини яшириб олиб кирмоқчи бўлган афғонистонлик ушланди

Шундан сўнг мутахассислар хорижий фуқаронинг Термиз шаҳридаги вақтинчалик яшаш жойини текшириб, у ердан катта миқдорда афюн ва героин аниқлашди.

Сурхондарё вилоятида гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонга кириш учун «Айритом» чегара божхона постига келган Афғонистон фуқароси, 60 ёшли эркак бошқарувидаги Toyota автомашинаси текширилганда, унинг юкхонасидан қарийб 400 грамм афюн топилган.

«Гиёҳвандлик моддаси автомобиль эҳтиёт қисмлари — двигатель поршенлари ичига яширинча жойлаштирилган», — дейилади хабарда.

Тезкор тадбирлар шу билан якунланмаган. Ходимлар хорижий фуқаронинг Термиз шаҳридаги вақтинчалик яшаш жойини ҳам текширган. У ерда бир нечта автомобиль эҳтиёт қисмлари ичига яширилган яна 848 грамм афюн ва 551 грамм героин аниқланган.

«Кейинги ҳаракатлар гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистон ҳудудида қабул қилиб олиши керак бўлган шахсни аниқлашга қаратилди», — дея маълум қилди ДХХ.

Тезкор тадбирлар давомида Шўрчи туманида ашёвий далиллар билан Денов туманида яшовчи 33 ёшли эркак қўлга олинган.

Қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 28-моддаси, шунингдек, 273-моддаси 6-қисми «а» банди (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш, қайта ишлаш, сотиб олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек, уларни ноқонуний сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Киритилди: Бугун 14:55. Ўқилди: 345 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар