Суриянинг янги расмийлари Қатар ҳукумати билан стратегик ҳамкорлик бўйича келишиб олди.
Бу ҳақда Суриянинг ўтиш даври ҳукумати ташқи ишлар вазири Асаад Ҳасан ал-Шибоний Қатар ҳукумати раҳбари, ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдел Раҳмон Ол Тани билан музокаралар якунлари бўйича маълум қилган.
"Биз бугун келишиб олган инсонпарварлик ёрдами ва стратегик ҳамкорлик учун Қатарга яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз. Қатар Сурия халқи бошидан кечирган инқироз ва қийин даврда ҳамкоримиз бўлган ва Сурия келажагини қуришда ҳамкор бўлади", - деди у.
Ал-Шибонийнинг сўзларига кўра, музокаралар давомида Сурия делегацияси Қатар бош вазири билан барча асосий ва стратегик масалаларни муҳокама қилган, шунингдек, янги Сурия давлатини барпо этиш ва унинг ташқи сиёсати бўйича йўл харитасини тақдим этган. Вазирнинг қайд этишича, ушбу йўл харитаси барча сурияликлар манфаатларини ифодаловчи ҳукуматни шакллантиришни ҳам ўз ичига олади.
"Биз асосий сиёсий масалаларни муҳокама қилдик. Вазир Сурия бўйича аниқ йўл харитасини, шунингдек, мамлакат сиёсий раҳбариятининг қадамларини тақдим этди. Умид қиламизки, бу қадамлар эртанги Сурияни қуришга ҳисса қўшади", - дейди Муҳаммад ал-Хулайфий. Бу ҳақда Қатар ТИВ давлат вазири журналистларга маълум қилди.