АҚШ президенти Доналд Трамп Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шара минерал ресурсларни ўзлаштириш ва Дамашқда Трамп минорасини қуриш бўйича битим имзолашни таклиф қилганидан сўнг унга нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 12 май куни Times газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Ўтган декабр ойида Башар ал-Ассад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ҳокимият тепасига келган Ал-Шара Суриянинг яккаланишига барҳам бериш ва мамлакатни глобал иқтисодиётга қайтаришга интилмоқда. Таклиф АҚШ ва Украина ўртасида яқинда тузилган шартномага ўхшаш фойдали қазилмаларга Америка компанияларига рухсат беришни ўз ичига олади.
The Times нашрининг ёзишича, Сурия раҳбари Саудия Арабистонига ташрифи давомида Трамп билан учрашишга умид қилмоқда. Ҳозирча бу учрашув ҳақида расмий тасдиқ йўқ.
30 апрел куни Вашингтон ва Киев Украинанинг литий, титан ва бошқа ноёб ер элементлари конларини қайта тиклаш ва ўзлаштириш бўйича инвестиция фондини биргаликда бошқариш бўйича кенг кўламли келишувни имзолади. Сурия санкцияларни қисман олиб ташлаш эвазига ушбу форматни такрорлашга интилаётган кўринади.