Бугун 2 август, 2025 йил, шанба

O'ZB

Сурғил конида стратегик аҳамиятга эга энергетика лойиҳаси амалга оширилмоқда

Сурғил конида стратегик аҳамиятга эга энергетика лойиҳаси амалга оширилмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон энергетика хавфсизлигини таъминлаш тизимидаги асосий объектлардан бири бўлган “Сурғил” сиқув компрессор станциясини (СКС) қуриш лойиҳасининг умумий қурилиш ва монтаж ишлари муваффақиятли якунланди.

Сиқув компрессор станцияси Сурғил конидаги табиий газ босимини ошириш ва кейинчалик қайта ишлаш мақсадида Устюрт газ-кимё мажмуасига юбориш учун мўлжалланган. Ушбу мажмуада хомашё гази таркибидан ажратиб олинадиган қимматбахо компонентлардан полимерлар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг газни компримирлаш (сиқиш) бўйича йиллик қуввати 1,8 миллиард метр куб ёки суткасига 4,8 миллион метр куб газни ташкил этади.

Лойиҳанинг бош пудратчиси Enter Engineering компанияси бўлиб, у самарадорлик ва ишончлиликни оширишга қаратилган замонавий технологик ечимларни жорий этиб келмоқда.

Лойиҳага кўра, сиқув компрессор станцияси Baker Hughes компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита параллел ишлайдиган газ ҳайдаш агрегатидан иборат.

Айни вақтда янги қувватларни барпо этиш бўйича умумий қурилиш ва монтаж ишлари якунланган. Газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ва созлаш ишлари бошланган.

Компрессор станциясининг ишга туширилиши Сурғил конида газ қазиб олиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда Устюрт ГКМ га табиий газни барқарор етказиб бериш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча ресурс базасини шакллантириш имконини беради.

Бундан ташқари, янги қувватлар Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси конларидан паст босимли газни сиқишга йўналтириш ҳисобига газ қазиб олишни кўпайтириш учун имконият яратади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш нафақат стратегик, балки муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ўсиши аҳоли, корхоналар ва ижтимоий муассасаларни ишончли энергия манбаи билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, ҳудудларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига хизмат қилмоқда.

Киритилди: 11:58 24.07.2025. Ўқилди: 618 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!