Сумалак тайёрлаш маданияти ЮНЕСКО номоддий маданий мероснинг репрезентатив рўйхатига киритилди. Бундай қарор 10 декабр куни Ню-Деҳлида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Номоддий маданий мерос бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-йиғилиши давомида қабул қилинди.
«Сумалак тайёрлаш маданияти» номинацияси Тожикистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси томонидан тайёрланган ва 2023 йилда ташкилотга кўриб чиқиш учун тақдим этилган эди.
Сумалак Шарқ халқларида Наврўз байрамининг асосий таоми ва баҳорнинг асосий рамзидир. Уни тайёрлаш жараёни мураккаб ва узоқ - 12 соатдан ортиқ вақт олади. Катта қозонда оловда таом пиширилади, бунинг учун катта оила ёки қўшнилар билан тўпланишади ва жараён давомида халқ чолғу асбобларини чалиб, анъанавий қўшиқларни куйланади.
ЮНЕСКО Номоддий маданий мерос рўйхатига киритишдан асосий мақсад анъанавий урф-одат ва маросимларни, билим, кўникмаларни сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказишдир.
Йиғилишда 66 та миллий ва кўп миллатли номинациялар кўриб чиқилди. Уларнинг 54 таси номоддий маданий мерос рўйхатига, 11 таси тезкор муҳофазага муҳтож мерос рўйхатига киритишга даъвогарлик қилган.