Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини кучайтиришга йўналтирилган ишларнинг кўлами ва миқёси ниҳоятда кенгайиб, янги босқичларга кўтарилиб бормоқда.
Айниқса, жорий йил 3 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада навбатдаги қадам бўлди. Мазкур қарорга мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, шунингдек, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди.
Судларда интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини янада яхшилайди.
Биргина мисол, Қарорга асосан, 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши ҳам белгиланган. Унинг ёрдамида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда юборишлари ҳамда манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин.
Шунингдек, суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш билан бирга:
- 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
- 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилишни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ҳам тасдиқланди.
Суд – одил судловнинг олий нуқтаси бўлиб, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён ҳисобланади. Судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган бу каби ислоҳотлар тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш баробарида, уларнинг одил судловга эришиши ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Сардор Суванов,
Гулистон туман маъмурий судининг раиси