Тошкентда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова билан учрашди.
Мулоқотда таъкидланганидек, кейинги йилларда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Хусусан, қатор тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасида ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, биргаликда илмий-тадқиқотлар ўтказиш ҳамда соҳа мутахассислари малакасини ошириш, маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилган.
2024/2025 ўқув йилидан Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Қозоғистон миллий институти ҳамкорлигида қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда.
Шунингдек, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳам Қозоғистоннинг нуфузли клиникалари билан тажриба алмашиб келади. Айниқса, она ва бола саломатлигини асраш йўналишидаги ҳамкорлик ўз натижаларини бериб келмоқда.
Қайд этилганидек, фармацевтика соҳасида ҳам алоқалар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 2023 – 2024 йилларда мамлакатимизда Қозоғистоннинг 149 турдаги дори воситалари, 37 турдаги тиббий буюмлар ва тиббиёт техникалари, Қозоғистонда эса ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг 98 турдаги фармацевтика маҳсулотлари рўйхатга олинган.
Икки давлат ўртасида Вакцина сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим имзоланган.
Ўтган йил баҳорда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг 7-йиғилиши доирасида икки мамлакат етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Шу йили Женевада ўтказилган ЖССТ Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида ҳам Асилбек Худаяров Акмарал Алназарова билан мулоқот қилди. Жорий йилда эса Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг бешинчи йиғилиши ташкил этилди.
Бу галги учрашувда Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунларини ўтказиш ва уни Оролбўйи ҳудудидан бошлаш, тиббиёт олий таълим муассасалари ўртасидаги дипломларнинг ўзаро тан олиниши масалалари муҳокама қилинди.
Қолаверса, болалар онкогематологияси, орфан касалликларини даволаш, кардиохирургия, онкология, фармацевтика, тиббий суғурта ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, ҳамкорликда тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ишларини кучайтириш ҳам соҳани ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири экани таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар 2025 – 2026 йилларга мўлжалланган икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар режасини имзолади.