Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

SpaceX ва Tesla компаниялари ягона компанияга айланиши мумкин

SpaceX ва Tesla компаниялари ягона компанияга айланиши мумкин

Миллиардер Илон Маскка тегишли Американинг SpaceX ва Tesla компаниялари 2026 йил декабрь ойидаёқ бирлашиш ҳақида эълон қилиши мумкин. Потенциал келишув корпоратив бирлашувлар тарихидаги энг йирик битимга айланиши мумкин.

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берган.

Уларнинг маълумотларига кўра, компанияларни бирлаштириш бўйича музокаралар илгарилаб бормоқда. Айни пайтда томонларнинг директорлар кенгашлари ва маслаҳатчилари битим шартлари ҳамда келажакдаги конгломератни бошқариш тузилмасини келишиб олмоқда.

Шу билан бирга, бирлашув ҳақидаги эълон 2027 йил бошига қолдирилиши ҳам истисно этилмаяпти.

Бирлашув натижасида электромобиллар, энергия сақлаш учун аккумулятор тизимлари, ракеталар ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқаришни қамраб олувчи конгломерат ташкил этилиши мумкин. Сунъий интеллект бирлашган компания фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Музокаралардаги асосий масалалардан бири — Tesla акциядорлари SpaceX’нинг қанча миқдордаги акцияларини олиши бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, томонлар Tesla’нинг Хитойдаги фаолияти ҳамда SpaceX’нинг АҚШ ҳукумати билан тузган мудофаа шартномаларига оид масалаларни ҳал этиши керак.

Bloomberg баҳолашича, SpaceX’нинг бозор қиймати 1,9 триллион доллардан ошади, Tesla эса тахминан 1,5 триллион долларга баҳоланмоқда.

SpaceX ва Tesla компаниялари эҳтимолий битим муддатлари юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Киритилди: 10:40 13.11.2026. Ўқилди: 450 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар