Бугун 7 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

СМТИ директори: Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалараро яқинлашувнинг локомотивлари бўлиши мумкин

СМТИ директори: Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалараро яқинлашувнинг локомотивлари бўлиши мумкин


Бокуда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов бошчилигидаги мутахассислар “Ўзбекистон ва Озарбайжон: ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари” мавзусига бағишланган Экспертлар кенгаши иккинчи йиғилишида иштирок этди.
Ушбу давлатдаги элчихонамиз кўмагида СМТИ ҳамда Озарбайжон Халқаро муносабатлар таҳлили маркази (ХМТМ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мезбон томондан Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги, Муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари давлат агентлиги, «СТЕМ» таҳлилий маркази, Боку давлат университети раҳбарияти ва экспертлари ҳам иштирок этди.
Республикамиз делегацияси таркибида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “IT-Парк Узбекистан” вакиллари бор эди.
Агросаноат кооперацияси, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, транспорт ва таълим соҳаларидаги шерикликнинг бугунги ҳолати, муносабатларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокамаси кун тартиби асосини ташкил қилди.

СМТИ директори Элдор Арипов Тошкент ва Боку ўртасидаги алоқаларнинг юксак даражасини таъкидлаб, бу жараённи “икки дўст, қардош давлат ҳамкорлигининг ёрқин намунаси” деб атади.
Эксперт сўнгги уч йилда алоқалар давлатлараро шерикликнинг энг юқори даражасига кўтарилганига эътибор қаратди. “Қисқа вақт ичида эришилган бундай суръат халқаро тажрибада камдан-кам учрайдиган ҳодиса,” - деди институт раҳбари.
Мазкур натижалар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, қатъияти туфайли амалга ошганига урғу берилди:
– Раҳбарлар ўртасидаги мунтазам мулоқот, ўзаро шахсий ва ишончли муносабат барча даражадаги алоқаларни фаоллаштирди. 2017 йилдан буён турли даражадаги делегацияларнинг 150 дан зиёд ўзаро ташрифи амалга оширилгани бунга яққол мисол.
Иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланганига алоҳида эътибор қаратган Э.Ариповнинг таъкидлашича, сўнгги 8 йил ичида ўзаро савдо ҳажми 8 баробар, қўшма корхоналар сони эса 5 баробар ошган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги яқинлашувнинг келгуси истиқболини таҳлил қиларкан, эксперт Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги трансформация жараёни ўхшашлигини айтиб ўтди:
– Илгари Марказий Осиё давлатлари сув ва ер масаласида ҳал қилинмаган зиддиятлар туфайли “Евросиё Болқони” деб аталган бўлса, бугунги кунда минтақа тобора жипслашиб, ички минтақавий интеграцияни кучайтириб, минтақавий субъэкт мақомига кўтарилмоқда. Эндиликда вазият ўзгараётган Жанубий Кавказда ҳам биз мамлакатларнинг узоқ вақт давомида минтақа тараққиётини тўхтатиб турган асосий муаммоларни бартараф этиш бўйича фаол саъй-ҳаракатни кўряпмиз. Бундай шарт-шароит Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ шериклиги кўламини кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.

Халқаро муносабатлар таҳлили маркази бошқаруви раиси Фарид Шафиев Озарбайжон – Ўзбекистон бирдамлигини эътироф этиб, Тошкент жуда қийин даврда Бокуни тарихий даражада қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидлади:
– Ўзбекистон энг оғир йилларда Озарбайжон билан бирга бўлди. Тошкент Бокуга нафақат сўз, балки аниқ амалий ишлар орқали кўмаклашмоқда. Қурилиб, аллақачон фаолият юритаётган мактаб юртимизнинг озод қилинган ҳудудларини тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашга қўшилган ҳақиқий ҳиссадир.
Мавзуни давом эттираркан, Ф.Шафиев бундай ҳамкорлик аллақачон икки томонлама доирадан чиқиб кетганига эътибор қаратди:
– Шериклигимиз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги жараёнларга таъсир кўрсатиб, стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги сиёсат муҳим аҳамият касб этмоқда. Айнан Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари улкан Каспий минтақаси ҳамкорлигини ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлмоқда.

Кўп томонлама ҳамкорлик мавзусига тўхталаркан, ХМТМ раҳбари давлатларимиз халқаро майдонда фаол ва изчил шериклик қилаётганини таъкидлади:
– Ўзаро ва ўзига хос муносабатларимиз жадал ривожланмоқда. Шу нуқтаи назардан яқинда Озарбайжонда ўтказилиши кутилаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида алоқалар янада мувофиқлаштирилиши шубҳасиз.
Эксперт Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади:
– Бугун минтақадаги интеграция жараёни янги босқичга кўтарилди. Ҳар икки минтақада мавжуд бўлган баъзи можаролар ўтмишда қолди. Ушбу жараёнларда Ўзбекистон раҳбарининг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Республикамизнинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов кўп қиррали ва самарали ҳамкорлик бугунги кунда ўзаро манфаатлар асосида ривожланаётгани, азалий дўстлик ва биродарлик шерикликни изчил чуқурлаштириш йўлида ишонч билан давом этиш имконини берувчи мустаҳкам пойдевор эканига урғу берди.
– Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида суръат касб этмоқда, – дея таъкидлади Элчи. – Ўзбекистон ва Озарбайжон буни иқтисодий ўсишнинг ҳал қилувчи омили сифатида кўриб, кенг қамровли транспорт йўлаклари тизимини яратишга биргаликда интилиш тарафдори. Шу сабабли, транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш муносабатлар кун тартибида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Бокуга ташрифи давомида СМТИ раҳбарияти Низомий Ганжавий халқаро маркази ижрочи котиби Ровшан Муродов билан ҳам учрашди. Суҳбат чоғида томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилди.

Мезбон мулозим меҳмонларни буюк шоир Ганжавий ижодий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Зеро, ушбу адибнинг фалсафаси, уйғунлик, адолат, инсон қадр-қимматини эъзозлашга қаратилган ғоялари ҳозирги даврда ҳам долзарб бўлиб, кишини чуқур мушоҳада юритишга ундайди.
Мулоқот давомида Р.Муродов Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ўсиб бораётган нуфузини юқори баҳолаб, Тошкент минтақавий трансформация жараёнига салмоқли ҳисса қўшаётганини эътироф этди.

Киритилди: 21:59 05.06.2025. Ўқилди: 428 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!