Сирдарё вилоятида собиқ аёлининг сочларини қириб, ўзини дўппослаган эркак 2 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Билдирилишича, мактабда жисмоний тарбия фанидан ўқитувчи бўлиб ишлаган эркак Гулистон шаҳрида икки хотин билан яшаб келиб, ўзаро жанжал оқибатида қонуний никоҳдан ўтган биринчи турмуш ўртоғининг сочларини қириб ташлаган ва аёл танасининг турли қисмига уриб, тан жароҳати етказган.
Маълум бўлишича, ушбу оиланинг никоҳи 2021 йилда бекор қилинган бўлса-да, аёл эрининг таклифига биноан 5 нафар фарзанди билан Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласидаги хонадонларнинг бирида истиқомат қилган. Шу вақтда эркак шаръий никоҳ асосида бошқа аёлга уйланган ва уни ҳам хонадонига олиб келган.
Эркак маст ҳолатда аёл телефон орқали бегона эркаклар билан ёзишганини важ қилиб, аёлга ҳам руҳий, ҳам жисмоний тазйиқ ўтказган.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди эркакни Жиноят кодексининг 126- (кўп хотинли бўлиш) ва 126-1 (оилавий (маиший) зўравонлик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унга 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.