Гвинеянинг Нзерекоре шаҳрида футбол фанатлари ўртасида келиб чиққан тўқнашувда 100 дан зиёд одам ҳалок бўлди. Бу якуний рақам эмас, чунки жароҳатланганлар жуда кўп.
Barron’s ёзишича, фожиага 1 декабр куни «Нзерекоре» ва «Лабе» жамоалари ўртасида кечган ўйинда бош ҳакам баҳсли ўн бир метрли жарима зарбаси белгилаши сабаб бўлган. Рефери аввалига «Нзерекоре» ўйинчиларидан бирини майдондан четлатган, сўнг пеналти белгилаган. Бундан ғазабланган маҳаллий мухлислар майдонга югуриб тушиб, оммавий жанжал бошланиб кетган.
Полиция жанжални тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Бу хатти-ҳаракатлар оқибатида кўпчилик қочишни бошлаган ва стадионнинг кириш-чиқиш қисмида жуда кўп одам тўпланиб, кўплар бўғилиб ва девордан йиқилиб ҳалок бўлган.