27 ноябрь куни доллар 113 рублни ташкил қилди – Россия миллий валютаси 2022 йил февралида урушнинг биринчи кунларидан буён у қадар пасаймаган эди. Таҳлилчилар бунга асосий сабаб сифатида АҚШ томонидан Россия энергия ресурслари учун тўловлар бўйича асосий халқаро шлюз бўлмиш «Газпромбанк»га нисбатан жорий қилинган санкцияларни келтирмоқда. Бундан ташқари, рубль ёзда бошланган нефть нархининг пасайиши, Россия ҳарбий харажатларининг ошиши ва Ғарбнинг бошқа санкциялари туфайли заифлашди.
Россия Марказий банки рублни мустаҳкамлашга уриниб, чет эл валютасини сотиб олишни тўхтатди. Бироқ, айрим кузатувчилар, бўлаётган воқеалар президент Путиннинг давлат харажатларини ошириш режаларига мос келади, деб ҳисоблайди. Россия одатда нефть ва газни чет эл валютасига сотади, яъни заиф рубль билан Кремль миллий валютада кўпроқ маблағ олади. Бу, айниқса, 2025 йилда буджетнинг катта ҳажмдаги ўсишини кутиш учун тўғри келади.
Илгари Россия иқтисодиёти кўпчилик кутганидан ҳам барқарорроқ бўлиб чиқди: Москва қазилма углеводородларни сотишдан катта даромад олишда давом этди ва АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг кенг кўламли санкцияларини четлаб ўтиш йўлларини топди. Аммо ҳозир Кремлда хавотирланишга асослар бордек кўринади: нефть арзонлашмоқда ва Россия иқтисодиёти, қатор экспертларнинг фикрича, хавфли даражада қизиб кета бошлади. Шу билан бирга, заиф рубль инфляциянинг тезлашишига қарши курашни мураккаблаштиради.