Сирдёрё вилоятининг Гулистон шаҳрида қиймати 100 млн. сўмдан ошиқ яроқсиз тамаки махсулотлари йўқ қилинди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркорнинг фаолияти ўрганилганда кирим хужжатлари мавжуд бўлмаган 2404 қути шубҳали тамаки махсулотлари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг қарорига асосан, ашёвий далил тариқасида олинган 2404 қути тамаки махсулотлари келиб чиқиши номаълум бўлиб, экспертиза хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз бўлганлиги сабабли йўқ қилиниши белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими томонидан мазкур суд қарори бўйича ижро харакатлари олиб борилиб, умумий қиймати 106,3 млн сўмлик 2404 қути тамаки махсулотлари белгиланган комиссия аъзолари хамда холислар иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинган.