Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Си Цзиньпин 30 давлат иштирокида глобал сунъий интеллект альянси тузилишини эълон қилди

Си Цзиньпин 30 давлат иштирокида глобал сунъий интеллект альянси тузилишини эълон қилди

Хитой раиси Си Цзиньпин Жаҳон сунъий интеллект ҳамкорлик ташкилоти (WAICO) тузилганини эълон қилди ва халқаро ҳамжамиятни технологияларни биргаликда ривожлантириш ҳамда сунъий интеллектни бошқаришнинг глобал тизимини шакллантиришга чақирди.

У Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон сунъий интеллект конференцияси (WAIC)да сўзга чиқиб, сунъий интеллект доимо инсон назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатлар технологиянинг хавфсиз ривожланишини таъминлаш учун ўзининг ҳуқуқий ва тартибга солиш тизимларини такомиллаштириши, тезкор жавоб бериш механизмларини яратиши лозимлигини айтди.

Си Цзиньпин сунъий интеллектни ривожлантириш «халқаро ҳамкорлик симфонияси»га айланиши кераклигини таъкидлаб, ҳеч бир давлат бу соҳада барқарор тараққиётга якка тартибда эриша олмаслигини қайд этди.

Хитой томони маълумотига кўра, WAICOни ташкил этиш тўғрисидаги келишувни 29 мамлакат, жумладан Хитой, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон, Индонезия ва бошқа қатор давлатлар имзолаган. Янги ҳукуматлараро ташкилотнинг бош қароргоҳи Шанхай шаҳрида жойлашади.

Си Цзиньпин, шунингдек, Хитой АСЕАН, БРИКС, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Африка Иттифоқи ҳамда Лотин Америкаси ва Кариб денгизи давлатлари ҳамжамияти (CELAC) билан сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик марказларини ривожлантириш ва ривожланаётган мамлакатлар учун ўқув дастурларини кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.

Киритилди: 16:13 20.07.2026. Ўқилди: 943 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!