Бугун 25 апрель, 2026 йил, шанба

O'ZB

Швейцарияда Гулнора Каримова устидан пул ювиш ва бошқа жиноятларга оид суд иши бошланади — Finews

Швейцарияда Гулнора Каримова устидан пул ювиш ва бошқа жиноятларга оид суд иши бошланади — Finews

27 апрел, душанба куни Швейцария Федерал жиноят судида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва бошқалар устидан суд бошланади. Finews манбаларига кўра, ушбу жараён нафақат Каримова, балки Швейцариянинг Lombard Odier каби йирик банкларининг фаолияти ва корпоратив жавобгарлигини ҳам қамраб олган.

Мазкур ишда Каримова Ўзбекистон алоқа бозорига киришни истаган компаниялардан пора ундирувчи “Офис” тармоғини бошқарганликда айбланмоқда.

Швейцария Федерал жиноят суди айни шу иш доирасида ўз тарихида илк марта мамлакатдан ташқарига чиқиб сўроқ ўтказган. 2026 йил бошида Тошкентда Каримова билан иккинчи марта суд сўроғи бўлиб ўтган (у ҳозир Ўзбекистон қонунчилиги бўйича жазо муддатини ўтамоқда).

Кўрсатма олиш жараёнига Ўзбекистон томони чекловлар жорий этгани айтиляпти: Швейцария судялари саволларни фақат Ўзбекистон Бош прокуратураси орқали йўллаган, уларнинг ўзи судланувчига бевосита савол беришига имкон берилмаган. Қолаверса, Ўзбекистон томонининг махфийлик талаблари ва бу талабларга риоя этилмаган тақдирда жиноий санкциялар қўлланиши ҳақидаги огоҳлантириши туфайли, ҳимоячилар кўрсатма олиш жараёнида қатнашишдан бош тортган. Натижада ушбу кўрсатмалар Швейцариянинг далил тўплаш стандартларига жавоб бериши ва судда қанчалик кучга эга бўлиши савол остида қолмоқда.

Асосий судланувчилар суд мажлисларида бевосита иштирок этиши эҳтимоли кам: 53 ёшли Гулнора Каримова Тошкентда қамоқда, бизнес ҳамкори қаердалиги эса номаълум. Шу сабабли судялар судловни сиртдан олиб бориш ёки ишни қисмларга бўлиш заруратини кўриб чиқишига тўғри келиши мумкин.

Киритилди: Бугун 19:35. Ўқилди: 314 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!