Бугун 28 август, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Шукрона — мустақиллик, илм ва ёшлар

Шукрона — мустақиллик, илм ва ёшлар

Шукрона — бу юракнинг энг самимий, энг пок туйғуларидан биридир. Бу — совуқ фактлар, телеграмма тарзидаги миннатдорлик эмас, балки руҳдаги илиқлик, қалбдан чиққан табассум, атрофдаги гўзалликка доимий раҳмат айтишдир. Айниқса мустақил Ватан байроғи осилган бугунги кунларда, ўйлаб кўринг: Ватанимизни бизга аталган энг буюк неъматлардан бири деб ҳисобласа бўлади. Бугун биз, мустақил юрт фарзандлари сифатида, айнан шу неъматдан миннатдор бўлишимиз зарур. Зўр шароитлар — билим маконлари, таълим ва маърифат даргоҳлари — буни янада кучлироқ ҳис қилишга ундайди.

Шубҳасиз, бугунги Янги Ўзбекистонимизнинг бебаҳо хазинаси бу — ёшлар. “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайман.” - давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мазкур баралла янграган гаплари биз ёшларга эртанги кунимизга шамчироқ бўлди. Бу нафақат сўз эмас; бу — ҳаққоний баҳо. Ёшларнинг ғайрат-шижоати, илмга интилиши, меҳнатга садоқати — мамлакат тараққиётининг асоси. Президентимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини айнан ёшлар билан мустаҳкамлаш, уларни асосий куч сифатида кўриш тарафдори эканини барча нутқларида таъкидлайди. Айниқса, “Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз.” – дея айтган сўзлари мустақил юртимизннинг буюк юришини айнан ёшлар билан амалга оширилишидан далолат эди. Ҳа, бугун бизда кўплаб имкониятлар мавжуд — Президент мактаблари, ижод мактаблари, Янги Ўзбекистон университети, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали дунёнинг етакчи олийгоҳларда ўқиш имкониятининг яратилиши — буларнинг барчаси ушбу ғоянинг ёрқин мисолидир.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Хусусан, 2023 йилда Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг асосий мақсадлари – аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилаларга давлат хизматларини тезкор ва самарали кўрсатиш; “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини бошқариш ва такомиллаштириш; давлатнинг ижтимоий сиёсатини ягона марказ орқали мувофиқлаштириш; ҳар бир фуқаронинг индивидуал муаммосини ўрганиб, унга мос ёрдам чораларини белгилаш. “Янги ижтимоий сиёсатнинг марказида инсон туради. Ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлиши керак. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.” – дейди Президент Ш.М.Мирзиёев. Агентлик замонавий ахборот тизимларига асосланган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳолатини аниқлаш ва назорат қилиш, моддий ёрдам турларини адолатли тақсимлаш, ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш имконини беради. Эндиликда инсонларнинг турли идораларга сарсон бўлишига чек қўйилиб, барча хизматлар “бир дарча” тамойили асосида йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари орқали мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида фуқароларга тезкор хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бу эса аҳолига яқин бўлиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммосини жойида ҳал этишга хизмат қилади. Ушбу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида аҳолининг турмуш тарзини фаровон қилиш, уларнинг розилигини олиш, бирдамликка чорлаш, мустақил Ватанимизнинг эртанги истиқболини биргадикда барпо этиш, ёшларимизни дунё билан беллаша оладиган, аждодлардан мерос бўлиб келаётган кучли ва шижоатли ақл-заковати, куч-ғайратини оламга намоён эта оладиган авлодларни тарбиялаш ётади.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ўз нутқида шундай дейди: “Бизнинг кучимиз — бирлик ва аҳилликда, қудратимиз — Ватанга меҳрда, ютуғимиз — ўзимизга бўлган ишончимизда!” Шукрона — бу бирлик орқали, бир-биримизга ишониб яшашдаги барака. Шукрона — бизнинг энг буюк кучимиздир. Бугун бизнинг қаршимизда йирик имкониятлар, кенг ресурслар, ва энг муҳими — катта ишонч ва дадил ҳаракатлар бор. Буларни қадрлаш — шукрона. Ёшлар, Она Ватан, илм, бир ўтмишдаги маърифатчилар мероси, мустақиллик шукронаси — булар барчаси бир-бири билан боғлиқ. Келажакни биргаликда барпо этиш учун берилган имкониятларга миннатдор бўлиш — бу ҳақиқий Ватанпарварликнинг ўз ифодасидир.

Шохзоджон Отамуродов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноий одил судлов факультети тютори

Киритилди: 14:57 25.08.2025. Ўқилди: 387 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!