Германия канцлери Олаф Шолц Доналд Трампнинг Украинага молиявий ёрдам эвазига АҚШга нодир металларни етказиб бериши кераклиги ҳақидаги талабини танқид қилди.
"Урушдан кейин керак бўладиган ҳамма нарсани молиялаштириш учун ушбу мамлакат ресурсларидан фойдаланиш керак бўлади", — дея Шолц сўзларини келтиради Reuters. Унга кўра, ҳозир пулни мудофаани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш “жуда худбинлик” бўлади.
Шолц келажакда Украинага кучли армия, шунингдек, мамлакатни қайта тиклаш учун маблағ керак бўлишини таъкидлади. "Украинада рўй бераётган улкан вайронагарчиликни ҳисобга олсак, булар катта вазифалардир. Шунинг учун ҳам Украина ресурсларидан келажак учун фойдаланилса яхши бўларди, деб ўйлайман", — дея қўшимча қилди Германия канцлери.