Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Шимолий Корея Япон денгизи томон баллистик ракеталар учирди

Шимолий Корея Япон денгизи томон баллистик ракеталар учирди

Шимолий Корея 12 октябрь, душанба куни Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбий манбаларига таянган «Ёнхап» ахборот агентлиги хабар берди.

Жанубий Корея Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси маълум қилишича, учирилган ракеталарнинг айримлари 900 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.

Жанубий Корея ҳарбийлари янги ракета учирилишлари эҳтимоли туфайли кузатувни кучайтирган ва юқори жанговар шайлик ҳолатини сақлаб турибди. Шунингдек, Сеул АҚШ ва Япония билан тегишли маълумотларни алмашмоқда.

Ракеталар учирилганидан кейин Жанубий Корея президенти маъмурияти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик агентлиги фавқулодда йиғилиш ўтказди.

«Блумберг» агентлиги Пхеньяннинг синовларини Жанубий Кореянинг демилитаризация қилинган ҳудуднинг айрим қисмларини миналардан тозалаш операцияси билан боғламоқда. 21 сентябрь куни мазкур ҳудудда мина портлаши оқибатида Жанубий Кореянинг уч нафар ҳарбий хизматчиси жароҳатланган эди. Шимолий Корея расмийлари ушбу ҳодисага алоқадорлигини рад этган.

Шимолий Кореянинг аввалги баллистик ракета синови 3 октябрь куни Вонсан ҳудудидан амалга оширилган. Эртаси куни мамлакатнинг Корея марказий ахборот агентлиги раҳбар Ким Чен Ин гипертовушли стратегик қурол тизимидан фойдаланишни ҳам қамраб олган ракета қўшинлари машғулотларида ўрта масофага мўлжалланган стратегик ракета учирилишини кузатганини хабар қилган.

Ўша синов вақтида Жанубий Корея ва Япониянинг ракетага қарши мудофаа радарлари ракета ўзгарувчан траектория бўйлаб ҳаракатлангани сабабли уни кузатишда қийинчиликка дуч келгани айтилган.

Киритилди: 16:43 12.10.2026. Ўқилди: 350 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!