Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 21 ёшга тўлди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 21 ёшга тўлди

Мамлакатимиз Шимоли-ғарбий сарҳадларини ишончли ҳимоя қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти аҳолисининг тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ўзининг 21 ёшини қарши олди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган байрам тантанасида сўзга чиққанлар ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигини тантана билан табриклаб, фидойи, юртсевар, меҳнаткаш ҳарбий хизматчиларга Ватан ҳимояси йўлидаги машаққатли хизматларида улкан зафарлар тилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев ҳарбий хизматчиларга йўллаган байрам табригида, жумладан: “Ҳарбий округимиз ва унинг шахсий таркиби ўтган йиллар давомида катта ютуқларга эришди ҳамда Президентимиз, халқимиз олдида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди. Мана шундай юксак муваффақиятларга эришишда сиз каби фидойи ва садоқатли инсонларнинг ўрни беқиёс”, дея таъкидлади.

Дарвоқе, Ўзбекистон Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтириш давомида 1999 йил 10 февраль куни ташкил этилган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ бугунги кунда юртимизнинг шимоли-ғарбий сарҳадларини ҳимоя қилишда ишончли қалқон вазифасини ўтамоқда.

Бугун ҳарбий округ халқимиз ва армия ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш, армия ва халқ якдиллигини таъминлашда ҳам муҳим ўринни эгаллаб келмоқда. Бу борада аҳолининг кенг қатламлари ва айниқса ёшлар билан ишлаш, улар ўртасида ватанпарварликни тарғиб этишда округ қўшинлари ўзининг муносиб улушига эга бўлмоқда.

Тантана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши раҳбарияти номидан кенгаш қўмита раиси Довуд Қурбониёзов ҳарбий округ ва ҳарбий хизматчиларни самимий муборакбод этди.

Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ишчи-хизматчилар, шунингдек, ҳарбий округда олдин хизмат қилиб кетган Қуролли Кучлар фахрийлари давлат мукофотлари, Ўзбекистон мудофаа вазирининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун” ва “Намунали хизмати учун” каби кўкрак нишонлари, “Ватан ҳимояси – мардлар касби” ёзуви ҳамда Мудофаа вазирлиги рамзлари тушурилган эсдалик совғалар, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг фахрий ёрлиқлари билан тантанали равишда тақдирланди. Шунингдек, бир қатор ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан аралаш таркибдаги ҳарбий қисм муддатли ҳарбий хизматчилари ўртасида 2019 йилдан ўтказилиши анъанага айланган “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг бу йилги финал босқичида муносиб иштирок этган ҳамда ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилган бир гуруҳ аскарларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам муносабати билан ташкил этилган концерт дастури давомида Қорақалпоғистоннинг ижодий жамоалари ҳамда округ ҳарбий оркестрининг чиқишлари йиғилганларнинг қалбини хуш кайфият билан тўлдирди.

 

Киритилди: 16:37 10.02.2020. Ўқилди: 3986 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!