Бугун 21 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Шахматчи қизимиз қитъа чемпионатида бронза медалига эга чиқди

A A A
Шахматчи қизимиз қитъа чемпионатида бронза медалига эга чиқди

Таиландда шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган XVIII Осиё чемпионатида 17 ёшгача бўлганлар ўртасида ҳамюртимиз Зилола Ахтамова бронза медалига сазовор бўлди.

31 мамлакатдан келган маҳоратли шахматчи ўқувчилар иштирок этган қитъа чемпионатида мамлакатимизнинг 11 нафар ёш шахматчиси ўз ёш гуруҳларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

9 турдан иборат баҳсларда 17 ёшгача бўлган шахматчи қизлар ўртасида кураш олиб борган терма жамоамиз аъзоси Зилола Ахтамова 4 турда ғалаба қозонди, 5 турда эса дуранг натижа қайд этди.

Кеча бўлиб ўтган сўнгги 9-турда Ахтамова қора доналарда хитойлик Юуехи Юу билан куч синашди. Шиддатли ўйинда қора доналарда ҳаракат қилганига қарамасдан, дуранг натижага эришди. Бу унинг очколари сонини 6,5 тага етказиб, 39 нафар иштирокчи орасида 3-ўринни эгаллашига сабаб бўлди.

Шахматчи қизимиз қитъа чемпионатида бронза медалига эга чиқди

Ушбу ёш тоифасида ветнамлик Нигок Туонг Минг Тхаи 9-турда оқ доналарда қозоғистонлик Аделия Оспановани мағлуб этиб, 7,5 очко билан 1-ўринни эгаллади.

Қайд этиш лозимки, чемпионат ғолиби бўлган ветнамлик шахматчи қиз мусобақанинг 3-турида айнан ҳамюртимиз Зилола Ахтамовадан мағлуб бўлганди. 2-ўринни қўлга киритган хитойлик Шуншун Ванг ҳам 6,5 очко жамғарди.

Чемпионатнинг бошқа ёш тоифаларида қуйидаги натижалар қайд этилди (ҳамюртларимиз):

15 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида ҳамюртимиз Шаҳзодбек Ҳамзаев 5 очко билан 17-ўринни эгаллади.

13 ёшли ўғил болалар баҳсида Абдулқодир Баҳодиров 5,5 очко билан 10-ўринни банд этди.

11 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Акбаршоҳ Ачилов 6,5 очко билан 5-ўринни қўлга киритди.

9 ёшгача бўлган ўғил болалар орасида Баҳодир Эркинов 4,5 очко билан 31-ўринда қайд этилди.

Шахматчи қизимиз қитъа чемпионатида бронза медалига эга чиқди

Қизлар мусобақаларида:

15 ёшгача бўлганлар орасида Одина Олимова 4,5 очко билан 15-ўринни эгаллади.

13 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Руқия Олимова 6 очко билан 7-ўринни банд этди.

11 ёшли шахматчилар баҳсида Холида Муҳаммадиева 4,5 очко жамғариб, 39 нафар иштирокчи орасида 19-ўринни эгаллади.

Кўриниб турибдики, мамлакатимиз мактаб ўқувчилари XVIII қитъа чемпионатида 31 мамлакатдан келган 600 нафарга яқин тенгдошлари орасида муносиб иштирок этиб, керакли рейтинг балларини жамғарди. Бу юртимизда шахматчиларнинг янги авлодининг камол топаётганлигини яна бир бор исботлади.

Киритилди: 09:13 10.12.2024. Ўқилди: 715 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!