Болаларда кузатиладиган семизлик — дунё эндокринологларини хавотирга солаётган муаммолардан бири. ЖССТ маълумотларига кўра, айни пайтда сайёрамизда 7 ёшдан 9 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг 29 фоизи ортиқча вазнга эга.
Биз бу мавзуда батафсил маълумот олиш учун Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Болалар эндокринологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Мухлиса Шарихсиевага мурожаат қилдик.
— Агар ота-оналар фарзандлари ривожланишида бўй ўсишининг секинлашиши, ортиқча вазн ёки аксинча, вазн етишмаслиги, ҳорғинлик, заифлик каби ҳолатларни сезсалар, дарҳол болалар эндокринологига мурожаат қилишлари керак, — дейди мутахассис.
Бу, асосан носоғлом овқатланиш, яъни фастфудлар, тез тайёрланувчи маҳсулотлар, ширинликлар, шоколад ва газланган ичимликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш билан боғлиқ.
Болаларда семириш беш ёшдан кузатила бошлайди. Бунга кўпинча мактабга чиқишдан олдин ўғил-қизлар турмуш тарзининг кескин ўзгариши, овқатланиш тартибининг бузилиши сабаб бўлади.
Семизликдан сақланишнинг асосий йўли мувозанатли таомланишдир. Айниқса, нонушта қилишни канда қилмаслик керак. Чунки бола кун давомида қувват берадиган калория ва углеводларнинг асосий миқдорини эрталабки танаввул пайтида олади. Нонушта бўтқа, тухум, творог ва мевалардан иборат бўлиши мумкин.
Тушлик ва кечки овқат ҳам вақтида қилиниши керак. Шунингдек, кун давомида зарур миқдорда суюқлик ичишни ҳам унутмаслик зарур.
Боланинг рационида ортиқча углеводлар бўлмаслиги муҳим. Уларни истеъмол қилиш турмуш тарзига боғлиқ. Чунки бундай моддалар танадаги энергия манбаи ҳисобланади. Шунинг учун, агар бола кўп ҳаракатланса ва спорт билан шуғулланса, кўпроқ углеводларга муҳтож ва аксинча, ҳаракати кам бўлса, углеводни камайтирган афзал.
Бундан ташқари, истеъмол қилинадиган овқат ҳажмига ҳам эътиборли бўлиш лозим. Болага катталар ейдиган порцияни бермаслик керак.
Ўғил-қизлардаги семизликнинг асосий хавфи кейинчалик уларда 2-тоифа қандли диабет ривожланиши мумкин. Ушбу касалликнинг дастлабки белгилари тез-тез пешоб қилиш, ташналик ва сабабсиз вазн йўқотишдир. Фарзандингизда бундай белгиларни сезсангиз, дарҳол эндокринологга мурожаат қилишинг.