Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Саноат кооперацияси Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг драйвери сифатида

Саноат кооперацияси Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг драйвери сифатида



Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Беларус Стратегик тадқиқотлар институти (БСТИ) билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон – Беларус: ҳамкорликнинг янги уфқлари ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов тадбирни кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон-Беларус муносабатларини ривожлантириш истиқболлари таҳлилига алоҳида эътибор қаратди. СМТИ вакили таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Беларусни анъанавий дўстлик ва шериклик ришталари боғлаб туради, улар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Бугун бу борадаги ишларни фаоллаштириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Бу сиёсий ирода, ўзаро манфаатдорлик ва кенг қамровли алоқаларни ўрнатиш учун фойдаланилмаган катта захираларнинг мавжудлигидир”, — қайд этди эксперт.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Беларус ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлганлиги алоҳида таъкидланди. Бу даврда томонлар кўплаб ижобий натижаларга эришдилар.
Шу нуқтаи назардан, Акрамжон Неъматов барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик ўсишининг ижобий динамикаси, турли даражадаги жадал мулоқотлар мавжудлигини мамнуният билан қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли 2017 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 3,5 баравар ўсиб, икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи марта ярим миллиардлик чегарадан (620 миллион доллар) ошиб кетди. Кейинги мақсад - 1 миллиард доллар”, - дея таъкидлади эксперт.
Эксперт фикрича, Ўзбекистон ва Беларус иқтисодиётлари бир-бирини тўлдиришини ҳисобга олинадиган бўлса, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши бўлиб қолаверади.
Саноат кооперациясини янада ривожлантириш, қўшма рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни яратиш катта истиқболга эга.
Бунинг тасдиғи сифатида СМТИ директорининг биринчи ўринбосари қўшма корхоналар сонининг мисли кўрилмаган даражада ошганини қайд этди. 2017 йилда Ўзбекистонда Беларус капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 22 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 200 тадан ошиб, қарийб 10 баробар ўсганини кўрсатмоқда. Ўз навбатида, ҳозирда Беларусда 100 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Улар саноат ва технологик ҳамкорликни, жумладан, минтақалараро алоқаларни доимий равишда кенгайтириш орқали ривожлантириш учун мутлақо янги шарт-шароитларни яратмоқда.
Бундан ташқари, улар нафақат Ўзбекистон бозорига, балки қўшни давлатлар, Жанубий Осиё мамлакатлари ва бошқа минтақалардаги истиқболли бозорларга ҳам эътибор қаратмоқда.
Бу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамкорлигимизнинг асосий омилига айланиши мумкин”, — дея аниқлик киритди Акрамжон Неъматов.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, чорвачилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳалардаги лойиҳаларда умумий инвестиция имкониятларини қўллашга алоҳида талаб мавжуд.
Ижтимоий-гуманитар соҳа икки томонлама ҳамкорликнинг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Таълим соҳасидаги қўшма дастурларимиз катта натижалар кўрсатмоқда. Эксперт уларнинг сони 80 тага етганини қайд этди.
Унга кўра, сўнгги 4 йил ичида Беларус олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 5 баробарга ўсиб, 400 нафардан 2 минг нафарга етган. Бу кўрсаткич беларус таълимига бўлган талаб ўзбек ёшлари орасида юқорилигидан далолат беради.
Ўзбекистон ва Беларус олий ўқув юртлари ўртасида 200 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари мавжуд бўлиб, улар доирасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, тажриба алмашилмоқда. Илм-фан соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Беларус қўшма комиссияси муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ахборот технологиялари, кимё, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт каби йўналишларда 54 та илмий лойиҳа амалга оширилди. Яна 30 та шундай қўшма ташаббус амалга ошириш босқичида.
2023 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ректорларининг 1-форуми икки давлатнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлиги рамзи бўлди, унинг натижасида «Ҳамкорликнинг йўл харитаси» қабул қилинди.

Акрамжон Неъматов таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳам Ўзбекистон-Беларус муносабатларида муҳим ўрин тутади.
Ўтган йил охирида «Ўзбекистон – Беларус соғлиқни сақлаш ва тиббиёт таълими кунлари» биринчи тиббиёт форуми бўлиб ўтди. Натижада Ўзбекистон ва Беларус ўртасида тиббиётни ҳамкорликда ривожлантириш бўйича 120 дан ортиқ шартнома имзоланди, деди эксперт.
Аспирантура йўналишлари бўйича икки томонлама дастурлар, неонатал жарроҳлик, кардиожарроҳлик ва органлар трансплантацияси бўйича тажриба алмашиш ривожланиш босқичида.
Маълум тиббиёт марказлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш амалиёти ишлаб чиқилмоқда”, — дея хулоса қилди Акрамжон Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, тадбирда Ўзбекистон ва Беларус дипломатик миссиялари раҳбарлари, икки мамлакат эксперт-таҳлилий, илмий-академик доиралари раҳбарлари ва вакиллари – Беларус томонидан БСТИ, Маркетинг ва нарх тадқиқотлари миллий маркази, Беларус давлат транспорт университети, П.М.Машеров номидаги Витебск давлат университети каби нуфузли тадқиқот институтлари раҳбарлари ва мутахассислари, Ўзбекистон томонидан эса СМТИ, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарлари иштирок этди.

Киритилди: 22:55 30.01.2024. Ўқилди: 985 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!