Россия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, ўғли вейп чекишни тақиқлагани учун онасидан жаҳли чиққан. Шундан сўнг у онасини ўлдириб, жасадини чемоданга солган ва ўрмонзор ҳудудга олиб бориб ташлаган.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Выборг туманидаги Парголово қўрғонида Ўзбекистонда туғилган аёлнинг жасади солинган чемодан топилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
«Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб, марҳуманинг 15 ёшли ўғли қўлга олинди», — дейилади хабарда.
Россия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 38 ёшли она ва унинг ўғли ўртасидаги жанжал 2 ноябрь куни Юкковское шоссесидаги хонадонда содир бўлган. Ўсмир вейп чекишни тақиқлагани учун онасидан жаҳли чиқиб, уни ўлдирган. Кейин жасадни чемоданга жойлаб, ўрмонзор ҳудудга олиб борган.
Аёл Ўзбекистонда туғилган бўлиб, фаррош бўлиб ишлаган. Уни охирги марта 1 ноябрь куни иш жойида кўришган. Шундан сўнг у телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган, бироқ қариндошлари билан ёзишмаларни давом эттирган. Ушбу хабарлар аёлнинг синглисига шубҳали туюлган ва у 11 ноябрь куни полицияга мурожаат қилган.
13 ноябрь куни Санкт-Петербург бўйича Россия Тергов қўмитаси бошқармаси матбуот хизмати экотропа ҳудудидаги чемодан ичидан аёлнинг жасади топилганини маълум қилди.
Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қотиллик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ўсмирга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш масаласи ҳал этилмоқда.