Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида фуқароларга Қозоғистондаги институтлардан бирида ўқиётганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб бермоқчи бўлган фуқаро ва унинг шериги ушланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Б.Т. танишлари орқали фуқаро Ш. нинг укаси ва жиянига Қозоғистон Республикасидаги институтларнинг бирида 2020 йилнинг сентябрь ойидан ўқиётганлиги тўғрисида ҳужжатларни тайёрлаб бера олишини маълум қилади. У бунинг эвазига 4200 АҚШ долларни олганида қўлга тушган.
Унинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи М. фуқаро Б.Т.дан 3000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.