Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Самара вилоятида тўпланган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 15 та автобус йўлга чиқди

Самара вилоятида тўпланган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 15 та автобус йўлга чиқди

Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистонга қайтиш мақсадида Қозоғистон билан чегара ҳудудида тўпланган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 15 та автобусдан иборат илк карвон Россияга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, бугунги кунда Россиядаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш жараёнини янада тезлаштириш, биринчи навбатда оғир аҳволда қолган фуқароларни имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан олиб борилган музокаралар натижасида репатриацион чартер рейсларининг сонини бир неча маротабага кўпайтиришга эришилди. Шу билан бирга мамлакатнинг турли ҳудудларига мунтазам равишда махсус темир йўл қатновлари ҳам ташкил этилмоқда.

Таъкидланишича, Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъй-ҳаракатлари билан айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россиянинг Қозоғистон билан чегараолди ҳудуди, Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилмоқда.

Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Uzautotrans service» корхонаси томонидан амалга оширилади. 15 та автобусдан иборат илк карвон 23 сентябрь куни Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ҳамда Қозоғистон ва Россия томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.

Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчининг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширди. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилди. Шундан сўнг, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан йўриқнома ўтказилди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боради. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчини олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Транспорт вазирлиги ҳозирда Россиянинг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлиб турган фуқаролардан оммавий равишда Россиянинг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудларига тўпланмасликларини сўраган. «Бу каби ҳолатлар ҳозирги қалтис эпидемиологик вазиятнинг янада мураккаблашувига, касаллик юқтириб олиш хавфининг ортиб кетишига ва энг ёмони — юртдошларимизни ватанга олиб келиш мақсадида катта қийинчиликлар билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг чекланишига сабаб бўлиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Киритилди: 08:10 24.09.2020. Ўқилди: 1886 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!