Президент Администрацияси раҳбари лойиҳа доирасида суратга олинган фильмни эътироф этди.
Teach for Uzbekistan — Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш билан бир қаторда, инновацион ва барқарор ижтимоий ривожланишга ҳисса қўшишга қаратилган ижтимоий ташаббус бўлиб, унинг асосий мақсади етакчилик салоҳиятига эга ёш мутахассисларни таълим тизимига жалб қилиш орқали мактабларда таълим имкониятларини кенгайтиришдир. Ташкилот, айниқса, ҳудудий мактабларда ўқувчиларга сифатли билим бериш, қўшимча, янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Teach for Uzbekistan дастури доирасида иштирокчилар нафақат дарс беради, балки мактаб муҳитида ижобий ўзгаришлар қилишга, ўқувчиларда танқидий фикрлаш, лидерлик ва келажакка ишончни шакллантиришга ҳисса қўшади. Ташкилот узоқ муддатда таълим орқали жамиятни ривожлантириш, масъулиятли ва фаол фуқароларни тарбиялашни кўзлайди.
🎤 «Бу — инсон капитали ривожига қаратилган, истеъдодли ёшлар учун имконият яратувчи ва болаларнинг устозларига бўлган самимий муҳаббатини акс эттирувчи лойиҳа», — деди Саида Мирзиёева.
Лойиҳа доирасида суратга олинган ушбу фильм эса дастур иштирокчилари ва ўқитувчиларнинг ҳақиқий ҳаёти, уларнинг кундалик меҳнати, ички кечинмалари ва мотивациясини очиб беради. Фильм томошабинга таълимнинг фақат дарслик эмас, балки инсон тақдири, ишонч ва фидойилик эканини кўрсатади.
Фильм орқали Teach for Uzbekistan’нинг ғояси — битта ўқитувчи, битта синф ва битта қарор бутун бир ҳаётни ўзгартириши мумкинлиги — таъсирли ва самимий тарзда етказилган.