Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги “Амирсой” курорт мажмуасида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан норасмий учрашув ўтказди.
Қирғизистон етакчиси ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида учрашув ҳақида ёзиб, “Амирсой” курорт мажмуасида хизмат кўрсатиш даражаси Европаникидан кам эмаслигини таъкидлади.
– Мамлакатимиз ҳудудининг 94 фоизини тоғлар эгаллаган, етти вилоятнинг ҳар бирида тоғ-чанғи курортлари барпо этиш мумкин. Аммо бизда деярли йўқ. Нега? Чунки мустақилликка эришганимиздан буён биз оддий халқдан тортиб Президентгача фақат сиёсат билан шуғулланиб келдик. Иқтисодиёт, туризм ва бошқа муҳим соҳаларга деярли эътибор берилмади. Ҳамкасбим Шавкат Мирзиёев “Амирсой” курортини нолдан, Тошкентга яқин масофада қурган. Хизмат кўрсатиш даражаси Европаникидан кам эмас. Қанчадан-қанча одамлар иш билан таъминланган. Миллионлаб туристлар бу ерга дам олиш учун келишмоқда, – деди Қирғизистон етакчиси.
2019 йилда очилган “Амирсой” мажмуаси Марказий Осиёдаги энг йирик замонавий тоғ-чанғи курорти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, мажмуа Чотқол тизмасининг бир қисми бўлган Майғашкан тоғининг шимолий ёнбағрида 900 гектар майдонни эгаллайди. Чанғи ёнбағирларининг баландлиги 1 минг 630 метрдан 2 минг 275 метргача. Кўпгина йўллар янги бошловчилар ва ўрта даражадаги чанғичилар учун мос келади.