Трамп ҳозирча Эронга қарши йирик ҳарбий операцияларни қайта бошлаш зарур эмас, деб ҳисобламоқда
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳозирги вақтда Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операцияларни қайта бошлашга эҳтиёж йўқ, деган қарорга келди.
Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Парижда «Катта еттилик» (G7) ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
«Мен сизларга айтаётган гапим шуки, Эронга нисбатан иқтисодий босим ниҳоятда вайронкор таъсир кўрсатмоқда ва жуда яхши самара бермоқда. Шу сабабли президент ҳозирча йирик ҳарбий операцияларни ўтказиш зарур эмас, деган қарорга келди. Чунки биз худди шу мақсадларга иқтисодий воситалар орқали эришмоқдамиз, айни вақтда [Ҳурмуз бўғозидаги] кема қатновини ҳимоя қилмоқдамиз ва [Эрон денгиз портларига] нисбатан блокадани таъминламоқдамиз», — деди АҚШ Давлат котиби.
Шу билан бирга, Рубио АҚШ Эроннинг урушни якунлаш имконияти бўйича музокараларда илгари сураётган ҳозирги шартларини қабул қилмаслигини билдирди. У Теҳрон талабларини бемаъни деб баҳолади.
«Эрон келишувга эришишни жуда хоҳлайди. Муаммо шундаки, улар илгари сураётган шартлар бемаъни. Ҳозир улар, аслида, жиддий бўлмаган ҳаракатларни амалга оширмоқда», — деди Давлат котиби.
«Бироқ бу ҳолат, албатта, ўзгариши мумкин», — дея қўшимча қилди Рубио.
Унинг таъкидлашича, Трамп ўзаро манфаатли келишув тузишга тўлиқ тайёр. «Агар келишувга эришиш имконияти пайдо бўлса, президент уни тузишни биринчи бўлиб қўллаб-қувватлайди. Аммо бу аҳмоқона ва ёмон келишув бўлмаслиги керак», — деди у.
Рубионинг сўзларига кўра, Эрон, жумладан, «репарациялар тўлашни» талаб қилмоқда.
«Репарацияларни уларнинг ўзи тўлаши керак, чунки минтақани узоқ вақтдан бери айнан улар беқарорлаштириб келмоқда», — деди Рубио.
«Улар катта миқдорда нақд пул беришни талаб қилмоқда. Президент эса бу ҳеч қачон амалга ошмаслигини очиқ айтди», — дея қўшимча қилди АҚШ Давлат котиби.