Туркия ҳукумати машҳур сайёҳлик ҳудуди Кападокияда байроқ устунида рақсга тушган сайёҳга нисбатан жиноий иш очди.
Воқеа ҳақида Baza Telegram-канали хабар берди.
Кападокиянинг асосий сайёҳлик жойларидан бирида олинган видеоёзувда қизнинг байроқ устунига чиқиб, акробатик элементларни намойиш қилаётгани акс этган.
Видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Сайёҳнинг хатти-ҳаракати давлат байроғига ҳурматсизлик сифатида баҳоланган.
Энди қизни бир йилдан уч йилгача қамоқ жазоси кутмоқда. Прокуратура унинг хатти-ҳаракатларини давлат рамзларини ҳақорат қилиш ва турк миллати ёки унинг муассасаларини камситиш сифатида баҳолаган. Жиноятчининг исми ва фуқаролиги ошкор этилмаган. Сайёҳнинг Туркияни тарк этгани ёки маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олингани ҳам номаълумлигича қолмоқда.