Россия Татаристонидаги вақтинчалик ҳибсхонада сақланаётган бир гуруҳ Тожикистон фуқаролари Тожикистон ҳукуматидан ёрдам сўраган. Мигрантларнинг айтишича, Россия ҳукумати уларни урушга мажбурламоқда, деб хабар беради Озоди радиоси.
Муҳожирлардан бири Россия расмийлари ҳар доим жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома имзолашни таклиф қилишини ва одамларни уйларига жўнатмасликларини айтди. Кўпчилик уч ойдан бир йилгача вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, улар орасида ҳеч қандай қонунни бузмаган, ишлаш учун барча рухсатномаларга эга ва ҳоказолар кўп.
Гувоҳнинг сўзларига кўра, айнан Тожикистон фуқаролари қаттиқ жазоланади. Худди шу марказда сақланаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан юмшоқроқ муомала қилинади.
Россияда Марказий Осиёдан келган муҳожирларни таъқиб қилиш Крокус Сити Холлдаги терактдан кейин кескин кучайди. Тўрт нафар Тожикистон фуқароси терактни содир этганликда айбланган.