«Мигрант Сервис» платформаси директори Андрей Кладов 2025 йилда Россияда қайси соҳаларда мигрантларнинг хизматига талаб энг юқори бўлишини маълум қилди.
Булар: ишлаб чиқариш сектори, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳаси.
Айтилишича, қурилиш соҳасида малакали мутахассисларнинг етишмаслиги муаммоси 2024 йил давомида ривожланиб борди, 2025 йилда вазият янада танглашиши мумкин. Ҳозирда қурилиш соҳасининг барча йўналишларида кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда: малакали мутахассислардан тортиб эшик-дераза ўрнатувчилар, монолитчилар ва штукатурачиларга талаб катта.
Ишлаб чиқариш секторида кадрлар етишмовчилиги 2024 йил бошидан жиддий муаммога айланиб, Россиядаги компанияларнинг 85 фоизида ходимлар етишмаслиги кузатилди. 2025 йилда салбий тенденция янада ривожланиб, компанияларнинг 95 фоизи кадрлар муаммосига рўбарў келиши мумкин.
Сўнгги йилларда кадрлар борасидаги энг ёмон вазият қишлоқ хўжалиги соҳасида юзага келган. 2022 йилда ушбу соҳада ишчи кучи етишмаслиги 240 минг нафарни ташкил қилган бўлса, келгуси йилда кадрлар тақчиллиги 300 минг кишига етади.