Россиянинг Томск вилоятида айиқлар сонини тартибга солиш доирасида овчилар томонидан 115 та айиқ отиб ўлдирилди.
Бу ҳақда ТАСС агентлигига вилоят овчилик ва балиқчилик хўжалиги департаменти бошлиғи ўринбосари Александр Шлапаков маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, мутахассислар томонидан жами 200 та рухсатнома берилган.
Томск вилоятида айиқлар аҳоли яшаш ҳудудларига тез-тез яқинлаша бошлаган. 2026 йил давомида ушбу ҳудудда айиқлар ҳужуми оқибатида беш киши ҳалок бўлган, Томск туманида эса бир овчи жароҳатланган. Ҳозирда у шифохонада даволанмоқда. Вилоят ҳудудида юқори тайёргарлик режими жорий этилган.
«Томск вилоятида айиқлар сонини тартибга солиш доирасида 115 бош айиқ отиб ўлдирилди. Жами 200 та рухсатнома берилган», — деди Шлапаков.
ТАСС ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда Россиянинг 40 дан ортиқ ҳудудида айиқлар аҳоли пунктларига яқинлашган. Энг мураккаб вазият Шарқий Сибирда кузатилмоқда. Бу ерда айиқлар мактаблар ва ҳарбий қисмлар яқинида пайдо бўлган, шунингдек, вилоятнинг шимолий қисмидаги хусусий уйларга киришга уринган.
Сўнгги бир неча ой давомида Россияда айиқлар ҳужуми оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Мутахассислар фикрича, ҳайвонларнинг бундай хатти-ҳаракатларига сабаблардан бири — айиқларнинг асосий озуқа манбаи ҳисобланган кедр ёнғоғи ҳосилининг кам бўлганидир.