Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Антон Кобяков собиқ Совет Иттифоқи ҳақида баҳсли баёнот билан чиқиш қилиб, СССР ҳуқуқий жиҳатдан ҳали ҳам қаердадир мавжудлиги, чунки уни тарқатиш тартиби конституциявий жиҳатдан тўлиқ бажарилмаганини иддао қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Россия шамоллаганлар ва ҳаёлпарастларидан тезроқ қутилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Депутат ўз постига 1990 йилда қабул қилинган 1409-I сонли 20 моддадан иборат СССР қонунининг 2-моддасини илова қилган ҳамда у ўзбек халқининг ушбу қонунга мувофиқ СССРдан ажралиб чиқишга қарор қилганини ёзган.
“Ўзбек халқи 1990 йилда қабул қилинган 1409-I сонли СССР қонунининг 2-моддасига мувофиқ, СССРдан ажралиб чиқишга қарор қилган ва ким истаса, истаганича муҳокама қилиши мумкин, бу қарор тўғри ва ўзгармас!” дея ёзган Қодиров.
Шунингдек, у Россия Антон Кобяков сингари шахслардан тезроқ қутилиши лозимлигини айтган.
“Россия эса шамоллаганлар ва ҳаёлпарастларидан тезроқ қутулиши керак. Бу дард газак олиб, тобора оғир оқибатлардан дарак бермоқда”, дея таъкидлайди депутат.
Шу билан бирга, фракция раҳбари айни пайтда ҳудудида уруш кетаётган Украинанинг ғарб давлатларига таяниб иш кўраётганини танқид қилган.
“Украина эгоист, тарқоқ ва заиф ғарбга таяниб хато қилди, лекин бир-бирига таянаётган Марказий Осиё, қолаверса, бутун туркий дунёни ҳисобга олмаганлар хато қилади”, дейди у.
Бундан ташқари, Алишер Қодиров Россия Президенти Владимир Путиннинг фикрини қўллаб-қувватлаши, қалбан рус дунёсига тааллуқли бўлганлар, ҳудуди етарлича кўп бўлган Россияда хотиржам ва бахтли яшашлари кераклигини билдирган.