Эстония мудофаа вазири Мартин Херемнинг “Европейская правда” нашрига айтишича, Украинадаги уруш тўхтаганидан кейин Россия ҳарбий салоҳиятини ошириб, қўшни давлатлардан бирига ҳужум қилиши мумкин. Унинг фикрича, кейинги нишон Эстония, Латвия ёки бошқа мамлакат бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Херем Россиянинг мақсади бутун бир давлатни босиб олиш эмас, балки унга зарар етказиш ва НАТО иттифоқчилари ўртасидаги ишончни заифлаштириш бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
“Кўпинча Эстония стратегик чуқурликка эга бўлмаган давлат сифатида қаралади. Менинг жавобим шу: бизнинг стратегик чуқурлигимиз бор. Бутун Европа — бизнинг орқа таянчимиз”, — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, Россия Ленинград ҳарбий округини кенгайтирмоқда, янги бўлинмалар тузмоқда ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, Херем Россияни Украинадаги урушда узоқроқ ушлаб туриш керак, деган фикрни рад этиб, Украинанинг ғалаба қозонишини хоҳлашини айтди.