Москванинг “Динамо” клуби ҳимоячиси Максим Осипенко жароҳати сабабли Россия миллий терма жамоаси йиғинини тарк этди.
“Спорт-Экспресс” нашрининг RB Sport’га таяниб хабар беришича, 32 ёшли футболчи тиббий кўрикдан ўтган ва МРТ текшируви натижасида уни клуб ихтиёрига қайтаришга қарор қилинган.
“Осипенко тиббий сабабларга кўра ‘Динамо’ ихтиёрига қайтди. У МРТ текширувидан ўтди. Афтидан, футболчи охирги ўйиндан кейин жароҳат олган ва маълум муддат майдонга туша олмайди”, – деди “Динамо” бош директори Павел Пивоваров.
Ҳозирча ҳимоячининг жароҳати хусусияти ва тикланиш муддати маълум эмас.
Осипенко Россия терма жамоасининг ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувлари учун эълон қилинган якуний таркибидан ўрин олган эди.
Аввалроқ “Монако” ярим ҳимоячиси Александр Головин ҳам жароҳати сабабли ноябрь ойидаги йиғинда иштирок этмаслиги маълум бўлганди.
Шу тариқа, Валерий Карпин бошчилигидаги Россия терма жамоаси Ўзбекистонга қарши баҳс олдидан яна бир футболчисидан айрилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – Россия ўртоқлик учрашуви 12 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида соат 20:00 да бошланади.