2 апрель жума куни Россия суди АҚШнинг Твиттер ижтимоий тармоғини тақиқланган материалларни ўчириб ташламаганликда айбдор деб топиб, уни жами 8.9 миллион рубл (116 800 АҚШ доллари) миқдоридаги жаримага тортди.
Рус ҳукумати ўтган ойда Твиттернинг тезлигини камайтирганини айтганди. 16 мартга келиб эса Москва ушбу ижтимоий тармоқдаги номақбул материаллар, жумладан, болалар порнографияси ва гиёҳвандлик кўрсатилган видеолар учун уни мамлакат ҳудудида бутунлай тақиқлаб қўйиш билан таҳдид қилди.
Твиттер компанияси Москванинг 2 апрелдаги жаримаси бўйича изоҳ бергани йўқ. Аммо, у ўтган ойда Россия ҳукуматининг сўз эркинлигига таъсиридан хавотирда эканлигини айтиб, ўзининг платформасидан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатни тарғиб қилишда фойдаланишга рухсат берилмаслигини такидлаганди.
Россия сўнгги ойларда хорижий медиа платформаларига кўпроқ таъсир ўтказиш чораларини кўриб келмоқда. Масалан, ўтган йилнинг декабр ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳалари Россияда тақиқланган материалларни ўчирмайдиган платформаларни катта миқдорда жарималар солишга ва ҳатто Россия оммавий ахборот воситаларини «камситадиган» бўлса, АҚШ ижтимоий тармоғларини мамлакат бўйлаб бутунлай чеклашга имкон берди.