Россия Қирғизистон билан қўшма минтақавий ҳаво мудофааси тизими тўғрисидаги келишувни узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин маълум қилди.
“Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2022 йил 16 августда имзоланган қўшма минтақавий ҳаво мудофааси тизимини яратиш тўғрисидаги келишув беш йил муддатга амал қилади ва агар томонлардан бири иккинчи томонга чиқиш нияти ҳақида хабар бермаса, кейинги беш йиллик муддатларга автоматик равишда узайтирилади. Келишувга кўра (3-модда), ушбу ҳаво мудофааси тизими МДҲга аъзо давлатларнинг қўшма ҳаво мудофааси тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу келишув Россия ва Қирғизистон хавфсизлигига ҳисса қўшганлиги сабабли, биз бугун уни “демонтаж қилиш” учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпмиз”, деди дипломат.
Россия ва Қирғизистон ўртасида қўшма минтақавий ҳаво мудофааси тизимини яратиш тўғрисидаги келишув 2023 йилда кучга кирди. Қирғизистон Россияга Чуй вилоятидаги Россиянинг Кант авиабазаси яқинида ҳаво мудофааси ускуналарини жойлаштириш учун 5 гектарлик майдонни тақдим этди. Республикада Россиянинг С-300 зенит-ракета тизимлари ҳам жойлаштирилди.