Бу ҳақда “Интерфакс” нашри хабар бермоқда.
Собиқ Совет Иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Никита Хрушчёвнинг 1956 йилда КПСС 20-съездида Сталин шахсига сиғинишни қоралаш ҳақидаги маърузаси рус коммунистлари томонидан "хато ва нохолис" деб тан олинди. Ушбу маърузада Сталин тузумининг бир қатор жиноятлари санаб ўтилган ва улар “бир кишининг иродаси” билан содир этилгани қайд этилган.
Қайд этиш жоизки, айнан Хрушчёвнинг маърузасидан сўнг ГУЛАГ лагерларидан миллионлаб сиёсий маҳбусларни озод қилиш жараёни фаоллашган.
"Россия Коммунистик партияси (КПРФ) резолюциясида Хрушчёвнинг маърузасида “Сталинга қарши сохталаштирилган фактлар ва ёлғон айбловлар борлиги, унинг давлат ва партия фаолияти ҳақидаги ҳақиқат бузиб кўрсатилгани” айтилади", деб ёзади “Интерфакс” агентлиги резолюция матнига таяниб.
КПРФ, шунингдек, Волгоград шаҳри номини Сталинградга, Волгоград вилояти номини эса Сталинград вилоятига ўзгартиришни таклиф қилди. Апрел ойида Волгоград аэропорти “Сталинград” деб ўзгартирилган эди.
Сўнгги йилларда Россиянинг ўнлаб шаҳарларида Сталин ҳайкаллари пайдо бўлди. Май ойида Москва метросида совет диктатори акс этган ҳайкалтарошлик композицияси очилди. Айни пайтда Россияда Сталин қатағонлари қурбонларига бағишпанган ёдгорликлар вайрон қилинмоқда.