Россия Давлат думаси мамлакатда судланган ва ҳозирда хорижда бўлиб, ҳокимият талқинига кўра жазодан бўйин товлаётган фуқароларга нисбатан янги чораларни назарда тутувчи икки қонунни қабул қилди.
Ҳужжатларга мувофиқ, бундай шахсларга нисбатан «вақтинчалик чеклов чоралари» жорий этилади. Бунинг учун бир вақтнинг ўзида 11 та федерал қонунга ўзгартишлар киритилмоқда.
«Первый отдел» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ушбу меъёрлар сиёсий муҳожирлар учун «амалда фуқароликдан маҳрум қилиш»га тенг эканини билдирди.
Қонунга кўра, чекловлар жиноят ишлари бўйича сиртдан ҳукм қилинган шахслар, шунингдек, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилган фуқароларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Улар қаторига «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни бузиш, «номақбул ташкилотлар» фаолиятида иштирок этиш, Россия Қуролли кучлари ёки давлат ҳокимиятини «обрўсизлантириш», санкциялар жорий этишга ёки мамлакат ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириш каби ҳолатлар киритилган.
Чекловлар жорий этилишидан аввал фуқаролар махсус очиқ реестрга киритилади. Ҳар бир шахс бўйича қарор Адлия вазирлиги томонидан ФХХ, ИИВ, Суд ижрочилари федерал хизмати, Солиқ хизмати ва Бош прокуратура таклифлари асосида қабул қилинади. Шунингдек, президент алоҳида фармон билан идоралараро комиссия тузиши белгиланган.
Реестрга киритилган шахсларга нисбатан кенг кўламли чекловлар қўлланилади. Жумладан, уларнинг пул маблағлари ва мол-мулки музлатилиши, даромадлари махсус ҳисобрақамларга ўтказилиши, кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиш, ишончнома асосида битимлар тузиш тақиқланиши мумкин. Шунингдек, улар «Госуслуги» портали, масофавий банк хизматлари, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш, бюджет тўловлари, кредит ва қарзлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Бундан ташқари, Россиянинг хориждаги элчихоналари ва консулликлари бундай фуқароларга хорижга чиқиш паспортларини бермайди ва консуллик хизматларининг аксариятини кўрсатмайди. Фақат шахснинг тирик эканини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бундан мустасно. Шунингдек, улар Россия фуқаролигидан чиқиш учун ариза ҳам бера олмайди.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володин қабул қилинган қонунга изоҳ берар экан, хорижга кетган фуқаролар «суд олдига келиб айбини тан олиш ҳақида ўйлаши керак»лигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, янги чоралар мамлакатга зарар етказаётган, «экстремист», «ватан хоини» деб баҳоланаётган, давлатни издан чиқаришга уринган, нацизмни оқлаган ва ҳарбийларни ҳақорат қилган, сўнгра эса жазодан қочиб хорижга кетган шахсларга нисбатан қўлланилади.