Бош прокуратура Турлов асос солган холдинг фаолиятини экстремистик деб топиш ва унинг мол-мулкини давлат даромадига ўтказишни талаб қилган эди.
«14 октябрь куни судга ҳужжатлар қабул қилиш бўлими орқали Бош прокурор ўринбосари Ткачёв имзолаган даъводан воз кечиш тўғрисидаги ариза келиб тушди», — деди судья.
Бош прокуратуранинг Турлов ва у асос солган Freedom Finance холдингига қарши даъвоси Тверь судига келиб тушгани ҳақида 1 октябрь куни маълум бўлган эди. Даъво талаблари ошкор этилмаган, бироқ «Коммерсантъ» манбалари бу ишни Турлов ва унинг холдинги томонидан Украинадаги гуманитар лойиҳаларга қилинган хайриялар билан боғлаган.
Сентябрь ойи охирида Турлов Самарқандда ўтказилган сайловда ФИДЕ президенти этиб сайланган эди. Бунга қадар у Қозоғистон шахмат федерациясига раҳбарлик қилган.
Турлов 2022 йилда Россия фуқаролигидан воз кечиб, Қозоғистон фуқаролигини қабул қилган. У АҚШда рўйхатдан ўтган ва Nasdaq биржасида акциялари савдога қўйилган Freedom Holding Corp. молиявий гуруҳининг асосчиси, асосий акциядори ва раҳбари ҳисобланади.
Турловга тегишли компания қимматли қоғозлар бозорида фаол иштирок этган. 2022 йилда у Россия бозорини тарк этишини эълон қилган ва Россиядаги активларини маҳаллий менежментга сотиш режаларини маълум қилган.