Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москванинг Украинага қарши ҳарбий тажовузни номаълум муддатга давом эттиришга қарор қилганини билдирди.
"Россиянинг мақсадларига тинч йўл билан ҳам, ҳарбий йўл билан ҳам эришиш мумкин. Қуролли кучларимиз жанговар ҳаракатларни зарур бўлган муддатгача давом эттириш ва кучайтиришга қодир," - дея у БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида таъкидлади.
Унинг айтишича, "барча учун танлов қилиш вақти етиб келди."
Шу билан бирга, Небензя Россия "принцип жиҳатидан ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр, бироқ бу бир қатор талаблар бажарилиши шарти билан" эканлигини қайд этди. Бу талаблар орасида Украинада сафарбарликни тўхтатиш ва Ғарб давлатларининг ҳарбий ёрдамини тугатиш бор. "Принцип жиҳатидан биз ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрмиз," - деди у.