Украина президенти Владимир Зеленский Россия Беларусь ҳудудига баллистик ракета мажмуаларини жойлаштиришни исташини маълум қилди. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Россия Украина ғарбига ҳаво ҳужумларини кучайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Зеленскийнинг таъкидлашича, кенг кўламли уруш бошланганидан буён Украина ғарби мамлакатнинг нисбатан хавфсиз ҳудудларидан бири бўлиб келган. Шу сабабли кўплаб аҳоли ушбу минтақаларга кўчиб ўтган, корхоналар ҳам шу ерга жойлаштирилган.
Украина президенти мамлакат Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) ҳужумларини қайтаришда ҳам қийинчиликларга дуч келаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Starlink тизими ишлаш тезлигига қўйилган чекловлар Украинадаги дронларни тутиб қолиш тизимларидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.
Зеленский Украина томони бу масалани АҚШ вакиллари билан муҳокама қилаётганини билдирди. Америка томони Starlink фаолиятидаги чекловларни техник сабаблар билан изоҳлаган. Украина раҳбари бу ҳақда журналистлар билан WhatsApp орқали мулоқотда маълум қилган.
Шунингдек, Зеленский декабрь ойида АҚШда бўлиб ўтиши режалаштирилган «Катта йигирматалик» (G20) саммити доирасида Украина, АҚШ ва Россия ўртасида уч томонлама учрашув ўтказилиши мумкинлигини айтди.
Бироқ ҳозирча Москва ҳам, Вашингтон ҳам бундай музокараларга тайёргарлик кўрилаётганини расман тасдиқламаган. Зеленский учрашув учун муқобил жой сифатида Европанинг бирор давлати танланиши мумкинлигини ҳам қайд этди.