Мадриднинг «Реал» жамоаси ва Бразилия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Роналдо Испаниянинг «Вальядолид» клубидаги назорат пакетини сотди. Бу ҳақда футбол клуби матбуот хизмати хабар берди. Бразилиялик афсона 2018 йилда клубнинг эгасига айланган эди.
«Реал Вальядолид» футбол клуби кузатув кенгаши раиси ва асосий акциядори Роналдо Луис Назарио де Лима клубдаги назорат пакетини молиявий жиҳатдан Европа фонди томонидан қўллаб-қувватланаётган Шимолий Америка инвестиция гуруҳига топшириш бўйича шартнома имзоланганини эълон қилади. Бу янги босқични белгилайдиган лойиҳа ҳақидаги батафсил маълумотлар яқин кунларда эълон қилинади», — дейилади клубнинг расмий сайтидаги баёнотда.
Айни пайтда «Вальядолид» Испания чемпионати жадвалида охирги ўринда бормоқда. Жамоа 37 турдан сўнг 16 очко тўплаган ва элита дивизионида қолиш имконини йўқотган.