«Фарғона пресс-клуб»нинг навбатдаги сессияси Риштонда бўлиб ўтди. Унда туман марказидаги кенг кўламли қайта қуриш ишлари, у билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди.
Риштонлик Изроба Усмонова йиллар давомида оила аъзолари билан ҳаж сафарига бораман деб маблағ йиғди. Навбати келганда эса бетоб бўлиб қолди ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Шифокорлар бу аҳволда ҳажга боришга изн бермади. Шунда Изроба Усмонова ҳаж ҳаражати учун йиғган маблағини Риштонда уйи қайта қурилаётган хонадонларга тарқатиб берди.
— Операция сабаб зиёратга боролмай қолдим. Шу пулим турмасин, халққа берай дедим. Бу дарёдан томчи бўлса ҳам уйлари бузилаётган, қурилиш билан овора одамларга ёрдам бўлар, деб ўйладим, — дейди Изроба Усмонова.
«Фарғона пресс-клуб»да йиғилганлар «Изроба опа Маккага бормай ҳаж савобини олди», деган фикрларни билдирди.