Агентликнинг ёзишича, Ҳонконг Олий суди тадбиркор ва демократик ҳаракат фаоли Жимми Лайни Хитой томонидан қабул қилинган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун асосида “хорижий кучлар билан тил бириктириш ва давлатга қарши материаллар эълон қилиш”да айбдор деб топди. Бу унга умрбод қамоқ жазоси билан таҳдид солиши мумкин.
78 ёшли Лай ҳозирда фаолияти тўхтатиб қўйилган Apple Daily газетасининг асосчиси ва Хитой Коммунистик партияси раҳбариятининг энг машҳур танқидчиларидан бири. У Ҳонконгда 2019–2020 йиллардаги оммавий норозилик намойишларига жавобан Пекин томонидан жорий этилган кенг қамровли хавфсизлик қонуни доирасидаги бир қатор суд ишларига тортилган.
"Суд қарорини кутиш жараёнида беш йил қамоқда ўтирган Лайга ҳукм кейинроқ эълон қилинади. Жазони енгиллаштиришни сўраш мумкин бўлган дастлабки тинглов 12 январга белгиланган", дея ёзмоқда нашр.
Лайга қарши суд жараёни 2023 йил декабрида бошланган ва Хитойнинг Ҳонконгда миллий хавфсизлик қонунини қўллаши бўйича энг машҳур иш ҳисобланади. Суд ҳукми дипломатик кескинликнинг янги босқичига олиб келиши мумкин, АҚШ ва Буюк Британия каби Ғарб давлатлари Лай иши сиёсий сабабларга кўра олиб борилаётганини айтиб, уни дарҳол озод этишга чақиб келган.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам октябр ойида Хитой раҳбари Си Жинпин билан учрашувда Лай ҳақида гапириб, медиа-магнатни “қутқариш учун қўлидан келганини қилишини” билдирган.