Бугун 23 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

RES 2026: биоxилма-хилликни асрашга қаратилган минтақавий декларация имзоланди

RES 2026: биоxилма-хилликни асрашга қаратилган минтақавий декларация имзоланди

Остона шаҳрида ўтказилаётган Минтақавий экологик саммит доирасида биоxилма-хилликни асраш соҳасида ҳамжиҳатлик ва қўшма ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган Марказий Осиё ташаббусини ишга туширишга бағишланган “Минтақавий барқарорлик учун табиат билан уйғунлик” мавзусидаги юқори даражадаги сессия бўлиб ўтди. Ушбу тадбир минтақа давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш идоралари, халқаро ташкилотлар ва ҳамкорларни бирлаштириб, Марказий Осиёнинг ноёб табиий меросини асраш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформага айланди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан биоxилма-хилликни ривожлантириш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилганлигини таъкидлади. Хусусан, Давлат раҳбари биоxилма-хилликни асраш мақсадида Марказий Осиё “Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этгани қайд этилди. Ушбу ҳужжат нафақат йўқолиб бораётган турлар рўйхати, балки мазкур соҳада ҳамкорлик қилиш учун самарали платформа бўлиши кўзда тутилган.

Шунингдек, юртимизда “Биомерос” умумхалқ лойиҳаси амалга оширилаётгани таъкидланди. Юқори даражада эришилган келишувлар асосида Қозоғистон билан трансчегаравий ҳудудларда сайғоқ популяциясини тиклаш бўйича қўшма чора-тадбирлар бошланган. Бундан ташқари, Кунмин–Монреал глобал доиравий дастури доирасида 2040 йилгача биоxилма-хилликни асраш бўйича янгиланган Миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Сессияда минтақа давлатлари, БМТ ва бошқа халқаро экологик ташкилотлар ҳамкорлигида трансчегаравий муаммоларни ҳал қилишда кўплаб ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Игнер Андерсон долзарб экологик масалаларни ҳал қилиш учун бирлашиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини қайд этди.

Сессияда табиатни муҳофаза қилиш вазифаларининг трансчегаравий хусусиятига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, сайғоқ, қор қоплони, жайрон ва қулон каби турларнинг миграция йўллари бир нечта давлат ҳудудларини қамраб олади. Бу эса мувофиқлаштирилган минтақавий қарорларни талаб қилади. Иқлим ўзгариши кучайиб бораётган, ерларнинг деградацияси ва антропоген босим ортиб бораётган шароитда айнан илмий асосланган қўшма ҳаракатлар экотизимларни асрашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Тадбир давомида “Минтақавий барқарорлик учун табиат билан уйғунлик” ташаббуси ишга туширилиши эълон қилинди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ресурсларни бирлаштиришга қаратилган бўлиб, биоxилма-хиллик соҳасидаги миллий стратегиялар ҳамда Биоxилма-хиллик тўғрисидаги конвенция ва Кунмин–Монреал глобал доиравий дастури доирасидаги халқаро мажбуриятларга асосланади.

Учрашувнинг амалий натижаси сифатида биоxилма-хилликни асраш ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасида ҳамкорлик бўйича Минтақавий декларация имзоланди. Шунингдек, молиявий ресурсларни жалб этиш механизмларини ўз ичига олган Минтақавий "соябон" дастури ва Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш учун минтақавий ишчи гуруҳ ташкил этишга старт берилди.

Киритилди: Бугун 09:10. Ўқилди: 291 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!