Жанубий Корея расмийси баёнотидан сўнг Шимолий Кореянинг Кусонг шаҳри эҳтимолий ядровий иншоот сифатида яна диққат марказига тушди.
Жанубий Корея Бирлашиш вазири Чон Дон Ён парламентдаги чиқишида Кусонгни Ёнбён ва Кангсон билан бирга уран бойитиш объектлари жойлашган ҳудудлар қаторида тилга олган.
Бу баёнот АҚШ томонининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Вашингтон Чон Дон Ённи махфий маълумотларни ошкор қилганликда айблаб, Сеул билан разведка маълумотлари алмашинувини қисман чеклаган.
Шу билан бирга, расман на Сеул, на Вашингтон Кусонгни ядровий объект сифатида тан олган. Фақат Ёнбён ва Кангсон шундай объектлар сифатида қайд этилган.
Таҳлилчиларга кўра, Кусонгда уран бойитиш иншоотлари мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонлар 2010-йиллардан бери мавжуд. Айрим ҳисоботларда бу ерда ер ости иншоотлари ва санtrифуга жойлаштириш имкониятлари борлиги айтилган.
Жанубий Корея ҳукумати эса бу баёнотлар очиқ манбаларга асосланган “умумий баҳолаш” эканини таъкидлаб, расмий махфий маълумотлар ошкор қилинмаганини билдирди.
Мазкур ҳолат Корея ярим оролидаги ядровий дастур атрофидаги кескинлик ва ишончсизлик сақланиб қолаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.