"Манчестер Сити"нинг юлдуз ҳужумчиси Эрлинг Холанд фаолиятини Мадриднинг "Реал" клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда indykaila манбаси хабар берди.
Манба маълумотига кўра, норвегиялик футболчи айни пайтда "Реал" вакиллари билан эҳтимолий трансфер юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
Холанднинг "Манчестер Сити" билан амалдаги шартномаси 2034 йил ёзига қадар мўлжалланган. Ҳужумчи Англия клубига Дортмунднинг "Боруссия" жамоасидан келиб қўшилган эди.
Шу билан бирга, "Манчестер Сити" атрофидаги молиявий қоидабузарликлар билан боғлиқ вазият ҳам эътибор марказида турибди.
Аввалроқ манчестерликлар молиявий қоидаларни бузганликда айбланган эди. Агар қоидабузарликлар тасдиқланса, клуб жиддий санкцияларга дуч келиши мумкин.
Оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, эҳтимолий жазолар қаторида "Манчестер Сити"ни қўлга киритган чемпионлик унвонларидан маҳрум қилиш, турнир жадвалидаги очколарини камайтириш ва қуйи дивизионга тушириш каби чоралар тилга олинмоқда.
Ҳозирча Холанднинг "Реал"га ўтиши бўйича расмий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.