«Реал» самолётдаги носозлик туфайли Қитъалараро кубок финалига парвозни кечиктирди.
Жамоанинг Доҳага рейси уч соатга ортга сурилди, чунки ҳаво кемасининг юк бўлимида носозлик аниқланган. Парвозни қолдириш ва бошқа самолётга ўтиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Мадридликлар чоршанба куни бўлиб ўтадиган кубок финалида Мексиканинг «Пачука» жамоасига қарши ўйнайди.
Янги режага кўра, жамоа бугун кечқурун Қатарга етиб боради. Мадридликлар финал ўйини ўтказиладиган «Лусаил» стадионидан 18 километр масофада жойлашган меҳмонхонадан ўрин олишади.
2022 йилги Жаҳон чемпионати финали ўтказилган ушбу стадионда ҳар икки жамоанинг машғулотлари ва Карло Анчелотти ҳамда бир футболчининг матбуот анжуманлари бўлиб ўтади.
Ҳозирги режага кўра, жамоа финалдан кейиноқ Мадридга қайтиб, пайшанба куни эрталаб етиб боради. Якшанба куни эса «Реал» ўз уйида Ла Лига доирасида «Севилья»га қарши ўйнайди.