Мактабгача таълим агентлиги томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВ учун Самарқандга пресс-тур уюштирилмоқда.
Дастлаб бошқа ҳудудларда учрамайдиган ноодатий мактабгача таълим муассасасида бўлдик.
72-боғча кўп жиҳатлари билан эътиборимизни тортди. Биринчидан, бу ерда Алишер Каримов 16 йилдан бери боғча мудири сифатида ишлаб келмоқда. Алишер Каримов фақат аёллар эмас, эркаклар ҳам намунали боғча мудири бўла олишини амалда исботлаб келмоқда.
Шунингдек, боғчада кичик ҳайвонот боғи ташкил қилинган. Бу ерда 120 дан ортиқ қушлар, куркалар ва туя парваришланмоқда.
«Мақсадимиз болаларда ҳайвонларга нисбатан меҳр уйғотиш, уларда она табиатга дахлдорлик ҳиссини шакллантиришдир», дейди Алишер Каримов.
Боғча 367 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 500 нафар болани қамраб олган.
Бу каби мактабгача таълим муассасаларининг кўпайиши қувонарли ҳол, албатта. Чунки ҳам таълим, ҳам тарбия берадиган, қолаверса, табиатга меҳр уйғотадиган боғчалар жуда муҳим ҳисобланади